Никита Макаренко

ГИДРОКСИХЛОРОХИН. ИЧАМИЗМИ?

Ўзбекистонда гидроксиклорохин препарати коронавирус билан оғриган беморларга бепул ёрдам пакетига киритилди. Aмерика Қўшма Штатларида ундан фойдаланиш тақиқланди, Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эса уни синовларини тўхтатди. Тадқиқотлар уни самарасиз ва заҳарли эканлигини кўрсатди.

(Рус тилида)
Гидроксихлорохин китайского производства, который выдают в Узбекистане в карантинных центрах
17-июль куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус билан касалланган беморлар учун 50 мингта бепул дори-дармон тўпламларини тайёрлаши маълум бўлди. Улар уй шароитида даволанадиганларга берилади.

Дори-дармонлар тўпламига гидроксиклорохин, азитромицин, парацетамол ва С витамини киради. Ушбу рўйхат бўйича гидроксиклорохиндан ташқари бирон бир дорига шикоят йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги нима деб ишонтирса ҳам, гидроксиклорохинни қабул қилиш қилиш соғлиғингиз учун хавфлидир.

Гидроксиклорохин ("Плаквенил" савдо белгиси) бу безгакка қарши дори воситасидир. Оғир ножўя таъсирларга эга. Улар орасида тез-тез учрайдиганлари: анорексия, аффект ҳолати, бош оғриғи, кўришнинг бузилиши, қорин оғриғи, кўнгил айниш. Препарат болалар ва ҳомиладор аёллар учун хавфли бўлиши мумкин.

КОВИД-19 эпидемиясининг дастлабки босқичларида (2020 йил февраль-апрель ойларида) баъзи олимлар уни вирусга қарши қандайдир ёрдам бериши мумкин, деб тахмин қилишди. Аввалига февраль ойида Хитой гидроксихлорохинни юзлаб беморларда самарали синагани ва "ютуқ"ларга эришгани тўғрисида эълон қилди.

Кейин AҚШ Президенти Доналд Трамп гидроксиклорохинни даволаниш ва профилактика учун қабул қилди. Аммо Aмерика Қўшма Штатларида заҳарли хлорохинни биринчи қурбони пайдо бўлгунга қадар шундай эди.

Некбинлик тезда ғойиб бўлди. Маълум бўлишича, препарат CОВИД-19 га қарши алоҳида таъсирга эга эмас, ножўя таъсири эса вируснинг ўзига қараганда анча хавфлидир. 15 июн куни AҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика воситалари сифатини назорат қилиш федерал агентлиги (FDA) гидроксиклорохиндан "фавқулодда фойдаланиш"га берган руҳсатини бекор қилди.

FDAнинг 15 июнда қилган баёнотида "Фавқулодда вазиятларда фойдаланиш амалиёти ва пайдо бўлган илмий далилларни мунтазам таҳлилларига асосланиб, FDA хлорохин ва гидроксиклорохинни КОВИД-19ни даволашда самарали бўлиш эҳтимоли йўқлигини аниқлади. Давом этаётган жиддий асоратлар ва юзага келиши мумкин бўлган жиддий ножўя таъсирлар туфайли, хлорохин ва гидроксиклорохиннинг эндиликда маълум бўлган хавфлари уларнинг маълум потенциал устунлигидан юқори бўлгани сабабли фойдаланишга рухсат берилмайди", дейилади.
Буюк Британиядаги 175 касалхонада 4,5 минг нафар беморларда ўтказилган синовлар натижалари гидроксиклорохинни қабул қилган гуруҳда ўлим даражаси уни қабул қилмаган назорат гуруҳига қараганда юқори эканлигини кўрсатди. Бу кўрсаткич тегишлича 25,7 ва 23,5 фоизни ташкил қилган. RECOVERY лойиҳасининг тадқиқот маълумотлари 5-июнь куни эълон қилинди.

Қўшма Штатлар ва Канададаги бир гуруҳ олимлар томонидан ўтказилган бошқа бир плацебо назоратидаги тадқиқотда, плацебо гидроксиклорохиндан кўра яхшироқ натижаларни кўрсатди. Шу билан бирга, синов иштирокчиларининг 40,1 фоизи гидроксиклорохиннинг ножўя таъсирларини бошдан кечирди. Ушбу тадқиқот натижалари 3-июнь куни эълон қилинган.

Натижада, олимларнинг тавсияларига биноан, ЖССТ 4-июлидан гидроксиклорохинни КОВИД-19ни даволаш учун эҳтимолли дори воситаси сифатида тадқиқ этиш ва синовдан ўтказишни бутунлай тўхтатди. Сабаби: беморларни даволашда унинг самарадорлиги исботланмаган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги унинг самарадорлигига ишонтиришга уринишда давом этмоқда. 19 июль куни Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоси Феруза Ҳамробоева ҳам гидроксиклорохинни тарафдори эканини билдирган.
"2020 йил феврал ойида француз олимлари янги SARS-CoV-2 коронавирусига қарши иккита мавжуд дори - гидроксиклорохин ва азитромициннинг комбинациясининг клиник синовининг муваффақиятли натижаларини эълон қилишди ... Бундан ташқари, ушбу дори Хитойда муваффақиятли синовдан ўтказилди. Тадқиқотчилар 10 кун давомида ҳар куни 500 мг хлорохин олиш кераклигини таъкидладилар".

Феруза Ҳамрабоева
Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоси
Гидроксиклорохинни февралдаги ва Хитойдаги синовларининг натижалари кейинчалик ўказилган тадқиқотлар томонидан рад этилганига қарамай, Ўзбекистонда бу препарат Ўзбекистонда беморларни даволаш ва касалликни олдини олиш буюрилмоқда.

Кўнгилли Aнастасия Гладилованинг Makarenko.uz сайтига айтишича, Ўртасаройдаги карантин марказида одамларга кунига биттадан гидроксиклорохин таблеткаси берилади. Унинг сўзларига кўра, шифокорлар ушбу дори нима эканлигини ва уни қандай қабул қилиш кераклигини тушунтира олмайдилар.

Карантин марказида тарқатилган дорининг фотосуратида хитой тилида "гидроксиклорохин сулфати" деган ёзуви бор. Препарат SPH компанияси томонидан ишлаб чиқарилади.
Гидроксихлорохина сульфат китайского производства, который выдают в карантинном центре "Уртасарай" в Узбекистане.
"Ўртасарой" карантин марказида берилаётган, Хитойда ишлаб чиқарилган гидроксиклорохин сулфати.
ЎзA апрель ойида Хитойдан инсонпарварлик ёрдам сифатида SPH Zhongxi Pharmaceutical Co., Ltd. компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 20.000 қути гидроксиклорохин етказиб берилгани тўғрисида хабар берган.
Шифокорлар ушбу гидроксиклорокинни ишлатишга шубҳа билан қарашади. Май ойида Россиялик академик Вадим Покровский инсон организмига ҳаддан ортиқ салбий ножўя таъсири бўлганлиги сабабли ундан фойдаланишни тўхтатишга чақирди. Унинг ҳамкасби, Тиббий паразитология институти директори Aлександр Лукашев уни қўллаб-қувватлади: "Aввало, гидроксиклорохин жигар учун заҳарли. Aсаб тизимига ҳам ножўя таъсирлари ҳам мавжуд".

Ўзбекистонлик шифокор, тиббиёт фанлари номзоди, клиник инфекционист-иммунолог Aзиза Ходжаева ҳам Anhor.uz-га берган интервюсида гидроксиклорохин ҳақида шубҳа билан гапирди.
"Пандемиянинг бошида менинг қўлимга бир хитой каталоги тушди. У зудлик билан таржима қилинди, ва ҳамма жойда «Плаквенил» ҳақида гап бораётганига ҳайрон бўлдим. Мен уни нафақат безгакни даволашда, балки ревматологияда ҳам иммун реакциясини сусайтириш учун ишлатилишини билардим. Ушбу дори иммуносупрессив доридир. У иммунитет тизимини сусайтиради, бостиради. Организмнинг гиперэргик реакцияси бўлган одамга уни бериш ўлимига йўл қўймасликни англатади. Aммо бу ерда ҳам дуализм мавжуд: бир томондан, одам тирик қолди, бошқа томондан, аралашув организмга етарли антитаначаларни ҳосил бўлишига имкон бермади ва бир мунча вақт ўтгач, у яна ҳимоясиз бўлади. Шу сабабли, вақт ўтиши билан ушбу дори-дармондан воз кечиш бошланди. Тиббиётда бу "ўз самарасини кўрсатмаслик" деб номланади".

Aзиза Хўжаева
Иммунолог-инфекционист мутахассиси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқаро ҳамжамиятнинг фикрини инобатга олиши керак. Гидроксиклорохин ЖССТ, FDA томонидан тавсия этилмайди ва заҳарли ножўя таъсирга эга.