Игорь Элизов

Шифокор Элизовнинг маслаҳатлари #6

"Шифокор Элизовнинг маслаҳатлари" дастурининг олтинчи, якуний сонида шифокор сизга COVID инфекциясидан кейинги реабилитация ҳақида сўзлаб беради. Соғлиқ ва жисмоний кучни қандай қилиб тиклаш мумкин?
Youtube даги каналимизга ёзилинг, шунингдек "Шифокор Элизовнинг маслаҳатлари" дастурининг ўтган сонларини Makarenko.uz сайтида ўқинг. Дастур ҳомийси: Релакзен
Ассалому алайкум азиз дўстлар!

Менинг исмим Игорь Элизов. Мен умумий амалиёт шифокори, шифокор-терапевтман ва "Шифокор Элизовнинг маслаҳатлари" дастурининг бугунги сони билан янги коронавирус инфекциясига бағишланган туркум дастурларимизни ўз ниҳоясига етказамиз.

Ва бугун мен сизга COVID инцекциясининг ўрта-оғир ва оғир шаклидан кейин бажарилиши керак бўлган реабилитация чора-тадбирлари ҳақида гапириб бераман.

Аввал COVID нинг юқорида айтиб ўтилган шакллари билан оғриган беморларда бўлиши мумкин бўлган асосий белгиларни кўриб чиқсак:

Биринчидан, бу 2 ой ёки ундан ҳам кўпроқ давом этиши мумкин бўлган кучли заифликдир. Кун давомидаги терлаш, нафас олишнинг қийинлиги, айниқса пневмониянинг оғир шаклидан кейин, шунингдек ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратига маълум бир вақт давомида уланган беморларнинг мушакларидаги кучли заифлик.

Агар сизда бу белгилар бўлса, биринчидан, тинчланинг ва бу ҳолат ҳар доим шундай бўлиб қолади деб ўйламанг. Бу янглиш фикр!

Ҳар қандай этиологияли, яъни ҳам бактериал, ҳам вирусли пневмониянинг оғир шакли билан оғриган барча беморлар, шунингдек маълум бир сабабга кўра ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратига бир муддат уланган беморларда ҳам шунга ўхшаш белгилар бўлиши мумкин, яъни бу белгилар айнан коронавирус инфекциясига хос, махсус белгилар эмас. Шунинг учун ваҳима қилманг, бу ҳалот фақат маълум бир вақтгача давом этади.

Бироқ, бу вақтни имкон қадар қисқартириш учун нималар қилиш керак. Келинг, ҳар куни амалга оширилиши керак бўлган реабилитация тадбирларини кўриб чиқайлик.

1. Нафас олиш машқлари.

Нафас олиш тизимининг исталган даврдаги, яъни ўткир ва тикланиш давридаги ҳар қандай касалликлари нафас олиш машқларини бажариш учун кўрсатма ҳисобланади. Демак, коронавирусли пневмонияни бошдан ўтказганлик нафас олиш машқларини бажаришга бевосита кўрсатма ҳисобланади.

Шуни айтиб ўтиш керакки, жараённинг ўткир даврида нафас олиш машқларини бажаришни бошлаш мақсадга мувофиқдир, чунки натижада самарадорлик ва реабилитация салоҳияти анча юқори бўлади.

Нафас олиш машқларини бошлашдан аввал қуйидаги қоидаларни аниқлаб олайлик: Машқлар мунтазам бўлиши, яъни ҳар куни ва суткасига бир ёки икки марта бажарилиши керак. Машқларни енгил ва қисқа шаклда бошлаб, уларнинг давомийлиги ва интенсивлигини аста-секин орттириб боринг.

Ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни кузатиб боринг. Аҳволингиз оғирлашса, нафас олиш машқларини дарҳол тўхтатинг.

Пульсоксиметрнинг кўрсаткичини кузатиб бринг. Нафас олиш машқларини бажариш вақтида қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси 94-95% дан паст бўлмаслиги, пульс эса дақиқасига 110-120 дан ошмаслиги керак.

Энди эслаб қолинг, касаллик даврида ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратига уланган беморларда реабилитация учун тахминан 1,5 ой вақт кетади. Шунинг учун, тикланиш тез амалга ошади, деб ўйламанг. Аҳволингиз ва ўзингингизни ҳис қилишингиз нормаллашганда нафас олиш машқларини бажаришни тўхтатиш мумкин.

Демак, қандай машқларни бажариш мумкин?

Нафас олиш машқларининг ҳар қандай усулларини COVID инфекцияси билан оғриб чиққандан кейин реабилитация мақсадида қўллаш мумкин. Бироқ, барча машқларни бир вақтнинг ўзида бажариш керак эмас.

Бир нечта машқни тўғри бажариш ва 3 - 4 кундан сўнг янгиларига ўтиш ёки, агар ўзингизни яхши ҳис қилаётган бўлсангиз, 2 - 3 та янги машқни қўшиш мумкин. Мен энг кенг тарқалган 6 та машқларнинг номини санаб ўтаман, уларни бажариш усулларини интернетда осонгина топишингиз мумкин:

1. Бурун орқали нафас чиқариш.
2. Насос.
3. Қучоқлаш.
4. Бошни буриш.
5. Болта.
6. Бош маятниги.


Ушбу машқларни мунтазам бажариш, шунингдек, Стрелникова ва Бутейко усули бўйича нафас олиш машқлари каби умумий усуллардан фойдаланиш ўпка функциясини максимал қисқа вақт ичида тиклашга имкон беради. Юқоридагилар нафас олиш ёки респиратор реабилитация ҳақида эди.

Энди мушаклардаги заифлик ҳақида гаплашсак:

Мушаклардаги заифликнинг сабаби гиподинамия, яъни ҳаракат етишмаслиги сабабли келиб чиқадиган мушак атрофиясидир, унинг белгилари қуйидагилар:

қўл ва оёқлардаги мушакларнинг заифлиги-оддий ҳаракатларни бажаришнинг қийинлиги, чарчоқнинг тез ортиб кетиши,

жисмоний машқлар пайтида ва ундан кейин ҳаракатланганда мушаклардаги оғриқ, шунингдек, мушакларда сезувчанликнинг бузилиши, титраш ва томир тортишиши.

Бироқ, мушакларни мустаҳкамлаш учун реабилитация чораларини бошлашдан аввал юкламанинг оптимал даражасини аниқлаш ва ўзингизга зарар етказиб қўймаслик учун, иложи бўлса, шифокор билан маслаҳатлашинг.

Машқларни ўзингиз мустақил бажаришингиз мумкин, лекин биринчи марта назорат остида бажарган маъқулроқ, шифокор назоратида бўлиш шарт эмас, оила аъзоларингиз бу ишда сизга ёрдам беришлари мумкин. Ва, албатта, энг кичик юкламардан бошлаш керак.

Мушакларингизни тезроқ тиклашга ёрдам берадиган машқларга айрим мисолларни санаб ўтишим мумкин:

1. Тик турган ҳолатда тиззаларни қорин тарафга кўтариш. Девордан суянчиқ сифатида фойдаланинг. Машқни 10 марта бажаринг, кейин 1-2 дақиқа дам олинг. Машқни 3-4 марта такрорланг.

2. Қўлларни олдинга чўзган ҳолда ўтириб-туриш. 10 марта бажаринг, дам олинг, 3-4 марта такрорланг.

3. Қорин пресси учун турли машқларни бажариш. Масалан, тиззаларни букиш ва бошқа машқлар.

Бундан ташқари, ҳар кунлик пиёда сайрларга чиқиш керак. Аввал 15 дақиқа пиёда ва секин суръатларда юришдан бошланг, кейин тезликни аста-секин оширинг ва юриш давомийлигини 30 дақиқагача кўпайтиринг.

Энди реабилитация даврида овқатланиш режимига тўхталиб ўтсак:

Овқатингиз таркибида оқсил етарли даражада бўлиши керак, чунки оқсил мушакларнинг ўсиши учун жуда муҳим моддадир.

Оқсилларнинг асосий миқдори, албатта, гўшт ва балиқда бор, аммо сиз вегетариан бўлсангиз, овқатингиз таркибига кўпроқ тухум, тофу, сут маҳсулотлари ва турли ёнғоқларни қўшишингиз керак.

Шунингдек углеводлар ҳажмини кўпайтиринг, уларнинг етишмовчилиги айрим ҳолларда атрофия, яъни мушак заифлигини оғирлаштириши мумкин.

Ва жуда муҳим бир масала:

Ухлаш режимингизни нормаллаштиринг. Суткасига камида саккиз соат ухлаш керак.

Энди эса дастуримизнинг ўтган сонида ёзилган комментарийларда берилган саволга жавоб бераман:

Ассалому алайкум, доктор! Менда бир савол бор: одам коронавирусдан касалланиб ва даволаниб чиққан, лекин короновирус билан ҳали ҳам оғриётган ва даволаниб бўлмаган бемор билан мулоқотда бўлса, шундай одам, яъни касалланиб, тузалиб бўлган одам, ҳали тузалиб кетмаган бемор билан мулоқот қилгандан сўнг вирус ташувчиси бўла оладими, вирусни бошқа одамларга юқтириши мумкинми?

Жавобим қуйидагича: маълум даражада - ҳа. У коронавирус инфекциясини том маънода ўзига юқтира олмайди, чунки дунёда инфекцияни қайта юқтириш ҳолатлари камдан-кам учрайди, аммо вирус юқори нафас йўлларининг шиллиқ қаватига тушади ва у бартараф бўлгунча акса уриш ва йўтал, шунингдек яқин мулоқот орқали ажралиши мумкин. Бироқ, бу тарзда инфекция юқтиришнинг эҳтимоли жуда паст.

Азиз дўстлар! Барчага соғлиқ ва саломатлик тилаб қоламан, ўзингиз ва яқинларингизни асранг! Биз барчасини енгиб ўтамиз ва ҳаммаси яхши бўлади!

Шу билан янги короновирус инфекцияси ҳақидаги туркум дастурларимизга якун ясаймиз. Маслаҳатларим сиз учун фойдали бўлганидан жуда хурсандман.

Эътиборингиз, фикр-мулоҳазаларингиз ва комментарийларингиз учун раҳмат. Саволларингизни беринг, жавоб ва маслаҳат олишни истаган ва ўзингиз учун муҳим бўлган мавзулар ҳақида ёзинг.

Яхши қолинг ва саломат бўлинг!

Самимият билан, шифокорингиз Элизов.
Дастур ҳомийси: Релакзен. Ножўя таъсирлардан холи табиий тинчлантирувчи восита!

Дубляж учун Хурмо студиясига миннатдорчилик билдирамиз. Хурмо - таржимонлик ва овоз бериш студияси. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади- турли соҳаларда билимларини оширмоқчи бўлганлар учун YouTube платформасида ўзбек тилидаги сифатли контенти кўпайтиришдир.