Ассалому алайкум азиз дўстлар!
Менинг исмим Игорь Элизов. Мен умумий амалиёт шифокори, шифокор-терапевтман ва биз янги коронавирус инфекцияси ҳақидаги муҳим саволларни кўриб чиқишни давом эттирамиз.
Ва бугун мен сизга коронавирус инфекцияси оқибатида вужудга келиши мумкин бўлган, эҳтимол, энг кўп учрайдиган ва энг хавфли асорат, яъни пневмония ҳақида гапириб бераман. Пневмониянинг ўзи нима ва у қандай кечишини кўриб чиқамиз.
Демак, коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган пневмония ўпка яллиғланишининг бошқа турларидан қандай фарқ қилади? Унинг одатий пневмониядан асосий фарқи нимада ва уларнинг қайси бири хавфли?
Асосий фарқ жуда оддий жиҳатларга асосланган. "Одатий" пневмония ўпкада (одатда ЎРВИ фонида) суюқлик тўпланиб қолиши туфайли юзага келади, бу эса бактерияларнинг кўпайиши учун жуда қулай муҳит ҳисобланади.
Алвеолалар, яъни ўпка пуфакчаларида тўпланган балғамнинг ўзи нафас олишга тўсқинлик қилади, лекин бу ҳолат фақат касалликнинг илк босқичида юзага келади. Кейин бактериялар кўпая бошлайди, одатда бу бактериялар ўпканинг алоҳида ўчоқларида яллиғланишни қўзғатувчи пневмококклардир. Айнан ўпканинг алоҳида ўчоқларида яллиғланиш юзага келишига эътибор беринг.
Аммо коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган пневмонияда эса яллиғланишнинг сабаби бактериялар эмас, аксинча вируснинг ўзидир. У алвеолалар, яъни ўпка пуфакчаларининг нормал фаолиятини бузади. Натижада бу пуфакчаларда нафақат суюқлик, балки ўлик ҳужайралар, шунингдек парчаланишнинг бошқа қолдиқлари ҳам тўплана бошлайди.
Коронавирус ўпканинг фаолитини, одатда, ўчоқларга бўлиб эмас, балки бутун ўпка бўйлаб қийинлаштиради. Яъни, унинг таъсири, бактериал пневмонияда бўлгани каби, алоҳида ўчоқлар билан чегараланмайди ва яллиғланиш иккала ўпкани ҳам қамраб олиб, тарқалади.
Кейинги жиҳат: бактериал пневмония ўзини намоён қилишда ковид келтириб чиқарган вирусли пневмониядан қандай фарқ қилади? Гап шундаки, бактериал пневмония белгиларсиз кечмайди. Агар ўпкангиз бактериялар билан тўлган бўлса, сиз кўкракдаги оғриқ, нафас олишдаги қийинчилик ва нафас қисишини албатта ҳис этасиз.
Бош оғриғи, қаттиқ чарчоқ ва ҳолсизлик ва, албатта, одатда балғам кўчиши билан кечувчи нам йўтал юзага келади. Аммо коронавирус инфекцияси ҳолатида, агар ўпка шикастланиши унча кўп бўлмаса, яъни 30-35% гача бўлса, пневмония бутунлай белгиларсиз кечиши мумкин.
Соғлиқларини текшириш учун КТ кўригидан ўтган беморларимнинг кўпчилигида хира шиша кўринишидаги пневмония аниқланган эди, бу эса 100% коронавирус инфекциясига ишора қилади. Аммо уларда бошқа белгилар юзага келмаган, яъни тана ҳароратининг кўтарилиши ҳам, ҳолсизлик ҳам, бошқа ҳеч қандай белгилар ҳам бўлмаган ва қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси ҳам меъёрда бўлган.
Бундан ташқари, ўпканинг 40-50% шикастланган ва касаллик белгилари бўлган беморларнинг кўпчилигида ҳам қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси 96-97 % бўлган.
Шунинг учун пневмониянинг кечиши ҳам бир неча хил бўлиши мумкин:
енгил кечиши – бунда ўпка шикастланмайди ёки шикастланиш 10% бўлади.
нафас етишмовчилигисиз кечувчи, ўпка шикастланиши 50% гача бўлган пневмония.
нафас етишмовчилиги билан кечувчи, ўпка зарарланиши 50-70% бўлган пневмония.
пневмониянинг оғир ва ўта оғир шакллари, бунда ўпка тўлалигича шикастланади ва беморнинг ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратига уланишини ёки экстракорпорал мембранали оксигенация бажарилишни талаб этади.
Бундан ташқари, жуда муҳим жиҳат: дастлаб коронавирус пневмонияси ўпкада фиброз деб аталадиган асорат қолдириши ҳақида маълумотлар бор эди.
Фиброз - ўпка тўқималарида чандиқ ҳосил бўлишидир, бу чандиқ инсон умрининг охиригача нафас олишдаги қийинчиликка олиб келади. Бироқ, сўнгги маълумотларга кўра, биз ўпка фибрози деб қабул қилган ҳолат аслида фиброз эмас экан.
Яъни, аввал фиброз деб қабул қилинган чандиқлар маълум вақт, тахминан бир ёки икки ой ўтгандан кейин, йўқолади ва ҳеч қандай из қолмайди, шунинг учун бу ҳақиқий фиброз эмас.
Ва яна бир кўп бериладиган савол: Коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган пневмония аслида қанча давом этади?
Енгил ва ўрта оғир даражада кечувчи шакли 10 кундан икки ҳафтагача давом этади, шундан кейин бемор тузала бошлайди ва ҳеч қандай асоратларни сезмайди.
Касалликни оғир ёки ўта оғир (критик) шаклда ўтказгандан сўнгги тўлиқ соғайишга касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлган кундан бошлаб уч ҳафтадан кам бўлмаган вақт лозим бўлади, нафас олиш билан боғлиқ бўлган муаммоларни эса бир неча ой давомида сезиш мумкин.
Булар аслида коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган пневмония ҳақида билишингиз керак бўлган асосий жиҳатлар эди. Касалликни даволаш қоидалари ҳақида мен дастуримизнинг ўтган сонларида айтиб ўтган эдим, лекин муҳим бир жиҳатни такрорлаб ўтсам: Нафас етишмовчилигисиз, енгил ва ўрта оғир даражада кучувчи пневмонияларда, агар пульсоксиметр бўлса ва қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси мунтазам равишда текшириб борилса, касалхонага мажбурий ётқизиш талаб этилмайди ва уйда даволаниш мумкин.
Оғир ва ўта оғир даражада кучувчи пневмония касалхонага ётқизишни талаб этади, чунки беморга кислородли қўллаб-қувватлаш, айрим ҳолларда эса, ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратига улаш талаб этилади.
Хулоса қилиб жуда муҳим бир нарсани айтиб ўтмоқчиман:
Азиз дўстлар! Агар КТ кўриги сизда ковид пневмониясининг хира шиша шаклини аниқласа, тинчланинг, энг асосийси – тинчланинг ва бундай пневмония аксарият ҳолларда енгил кечиши ва 10 кундан 2 ҳафтагача бўлган муддатда ўтиб кетишини унутманг, яъни, ушбу пандемия ҳолати бўлмаганда, ўпканинг КТ текширувини ўтказиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди ва сиз ушбу пневмония ҳақида билмаган бўлардингиз ҳатто, бу шунчаки ЎРВИ нинг узоқроқ ва анча оғир шаклда кечиши, деб ўйлардингиз!
Бугунги кунда ҳамма ёппасига КТ кўригидан ўтаётган ва пневмония аниқланаётган бир вақтда, табиийки, ваҳима қила бошлайдилар, бу эса касалликнинг кечишига жуда салбий таъсир кўрсатади.
Шунинг учун тинчланинг ва дастуримизнинг ўтган сонларида берган тавсияларимга амал қилинг.
Энди дастуримизнинг коронавирус ва ҳомиладорликка бағишланган ўтган сонида берилган саволга келсак:
Эмизикли аёллар Д3 витаминининг қандай дозасини ичиши керак?
Эмизикли оналар учун оптимал хавфсиз доза суткасига 2000 ХБ доза ҳисобланади. Бунда ушбу дозанинг бир қисми фарзандингизга ҳам ўтади – агар фарзандингизга ҳам бу витаминни бераётган бўлсангиз, бу жиҳатни ҳисобга олиш керак. Шунингдек, ҳомиладор аёллар учун 4000 ХБ дозаси кўп эканлиги ҳақидаги изоҳга жавоб бермоқчиман.
Яна бир бор қайтариб айтаман: ҳомиладор аёллар учун максимал хавфсиз доза суткасига 4000 ХБ ҳисобланади. Бу доза асл маънодаги профилактик доза эмаслигини, бу коронавирус инфекцияни юқтиришнинг олдини олиш дозаси ҳисобланишини тушунишингиз керак, шунинг учун у сиз билган одатий дозадан анча юқори бўлади.
Азиз дўстлар! Барчага соғлиқ–саломатлик тилайман, ўзингиз ва яқинларингизни асранг!
Биз барчасини енгиб ўтамиз ва ҳаммаси яхши бўлади! "Шифокор Элизовнинг маслаҳатлари" дастурининг кейинги сонида кўришгунча хайр.
Кейинги учрашувимизда "Коронавирус инфекциясини бошдан ўтказгандан сўнг реабилитация масалалари " мавзусида суҳбатлашамиз. Яхши қолинг ва саломат бўлинг!