Ассалому алайкум азиз дўстлар!
Менинг исмим Игорь Элизов. Мен умумий амалиёт шифокори, шифокор-терапевтман ва биз янги коронавирус инфекцияси ҳақидаги саволларни кўриб чиқишни давом эттирамиз.
Бугун биз кўплаб саволлар келиб тушаётган яна бир жуда муҳим масала, яъни коронавирус инфекцияси ва ҳомиладорлик масаласини кўриб чиқамиз.
Биринчидан, суҳбатимизни бошлашдан аввал, эҳтимол энг муҳим нарсани айтмоқчиман:
Азиз бўлажак оналар, оталар ва уларнинг ота-оналари! Коронавирус инфекциясини юқтирган ҳомиладор аёллар ҳақида ҳозирги кунда мавжуд бўлган барча маълумотлар шуни кўрсатяптики, соғлом аёллардаги ҳомиладорлик даврида коронавирус инфекцияси кўп ҳолларда бошқа соғлом одамларда бўлгани каби, яъни енгил ва ўртача даражадаги ЎРВИ шаклида кечар экан.
Коронавирус инфекциясини юқтирган ҳомиладор аёлларда жиддий асоратлар юзага келишининг хавфи, шунингдек, бола тушишининг хавфи катта эканлиги ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ! Шунинг учун азиз бўлажак оналар!
Ковид инфекциясини юқтириб олсангиз, сиз ва фарзандингиз учун вазият ёмон бўлади, деб хавотир олманг ва қўрқманг! Қайтариб айтаман, ҳомиладор аёлларда, яъни соғлом аёлларда ковид инфекцияси асоратларининг юзага келиши ва оғир кечиши ҳақида пандемия бошланган даврдан бери жаҳонда тўпланган статистикасида тасдиқланган маълумотлар йўқ.
Нима учун соғлом аёл, деб таъкидладим? Агар сурункали касалликларингиз, масалан, бронхиал астма ёки қандли диабет каби касалликларингиз, яъни ёшлар ва ўрта ёшдагиларда мавжуд бўлиши мумкин бўлган сурункали касалликларингиз бўлса, касалликнинг кечиши ушбу сурункали касалликлар қай даражада компенсацияланиши ва назорат қилинишига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади.
Энди, касалликнинг олдини олиш ҳақида:
1. Ҳомиладорликнинг исталган босқичида энг муҳими касалланганлар ёки ковид инфекциянинг ташувчиси ва инфекция манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлганлар билан мулоқот қилишни тўхтатиш, шунинг учун имкон қадар одамлар тўпланадиган кўча ва бошқа жойларда мулоқот қилишдан тўлиқ яккаланинг.
Агар ҳомиладорлик нормал кечаётган бўлиб, шифокор кўригидан режа асосида ўтишингиз керак бўлса, шифокорингизга телефон орқали мурожаат қилишга ва поликлиникага бориш зарурати ҳақида сўрашга ҳаракат қилиб кўринг, чунки поликлиникага бориш инфекция юқтиришнинг жуда юқори даражадаги хавфи билан боғлиқ бўлади.
Бироқ режа асосида шифокор кўригига боришдан тўлиқ воз кечиб бўлмайди, чунки ҳомиланинг ҳолати тиббий назорат остида бўлиши керак. Шунинг учун, шу шароитда ҳам поликлиникага шифокор қабулига борган бўлсангиз, барча ҳимоя чораларини кўринг, яъни ниқоб, қўлқоп тақинг ва масофани сақланг.
2. Энди витамин Д3 ни ичиш ҳақида: Ҳомиладор аёллар учун витамин Д3 нинг максимал мутлақо хавфсиз дозаси суткасига 4000 ХБ ҳисобланади, шунинг учун уни ҳар куни эрталаб 3000-4000 ХБ дозада ичинг. Аммо ҳомиладорлик даврида бу витаминни ичишга қарши кўрсатмалар бор, булар: ошқозон яраси, тромбофлебит, буйракнинг сурункали касаллиги, юрак-қон томир тизимининг жиддий касалликлари, шунингдек, жигар касалликлари.
Соғлиқдаги барча бундай муаммолар билан витамин Д3 ни ичиш ҳомиладорлик кечишини ёмонлаштириши ва ҳомирадорлик кечишининг асоратларини қўзғатиши мумкин, буни ўзингиз учун белгилаб қўйинг. Келинг, ҳам оддий ЎРВИ, ҳам ковид инфекциясига хос бўлган иситма (тананинг субфебрил ва юқори даражадаги ҳароратлари), йўтал, бош оғриғи, заифлик ва бошқа белгилар юзага келса, нима қилиш кераклиги ҳақида гаплашайлик.
1. Ҳомиладор аёллар ҳар қандай ЎРВИ белгилари юзага келганда коронавирус инфекцияси бор ёки йўқлигини аниқлаш учун зудлик билан бурни ва томоғидан мазок олиниши керак бўлганлар гуруҳига киради.
Шунинг учун, агар сизда касаллик белгилари пайдо бўлган бўлса яшаш жойингиздаги поликлиникага қўнғироқ қилинг ва улардан сизнинг уйингизга келиб, сиздан мазок олишларини, шунингдек сизни зудлик билан касалхонага ётқизишларини талаб қилинг, чунки юқори ҳарорат билан кечувчи ЎРВИ белгилари мавжуд бўлган барча ҳомиладор аёллар ихтисослаштирилган туғруқ муассасаларига ётқизилиши керак!
Ҳомиладор аёлларни амбулатория шароитида, яъни уйда даволаш ва кузатиб бориш ҳақида дунёнинг ҳеч бир мамлакатида бирор-бир расмий клиник тавсиялар мавжуд эмас, ҳомиладорларни фақат касалхонага ётқизиш керак!
2. Бироқ, тана ҳароратингиз юқори бўлмаса, сизда кучли интоксикация белгилари бўлмаса ва қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси меъёрда бўлса, ЎРВИ ни белгиларга қараб даволашнинг ҳомиладорлик даврида ман этилмаган барча чораларини кўришни бошланг: бурунни натрий хлорнинг изотоник эритмаси билан чайиш, томоқни фурацилин билан чайиш, агар сизда яққол кўриниб турувчи тана шишганлиги ҳолати бўлмаса, кўп суюқлик ичинг.
Умуман олганда, антибиотиклар, шунингдек, бошқа перпаратлар, шу жумладан муколитиклар, яъни балғам кўчирувчи препаратларни мустасно қилган ҳолда, аввалги кўрсатувларимизда белгиларга қараб даволаш бўйича берган тавсияларимни бажаринг.
Агар касаллик енгил шаклда кечаётган бўлса, у ҳолда сиз касалликни юқоридаги тавсияларсиз ҳам енга оласиз, агар касаллик оғирроқ кечаётган бўлса, уйда даволаниш мумкин эмас, махсус дори воситалари фақат касалхонада шифокор тарафидан тавсия этилади!
Қўшимча кўрик ва таҳлиллар, шу жумладан ўпканинг КТ кўригини ўтказиш ҳақидаги қарор ҳам шифохонада шифокор тарафидан, бундай кўрик ва таҳлилларга тавсиялар асосида қабул қилинади, булар: беморнинг умумий аҳволи, қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси ва бошқалар. КТ кўригига ўзбошимчалик билан борманг, тушунарлими?
Чунки бу ҳомилага зарар етказиши мумкин бўлган катта миқдордаги нурланиш юкидир!
3. Давом этамиз: агар туғруқхонада сизда коронавирус инфекцияси аниқланса ва бундай мураккаб вазиятга қарамай сиз соғлом фарзандни эсон-омон дунёга келтирсангиз, кўплаб ҳолларда инфекция юқтирган оналардан туғилган чақалоқларнинг ҳеч бирида вирус таҳлиллари ижобий натижани кўрсатмагани, бундан ташқари, вирус ҳомила суюқлиги ёки кўкрак сутида ҳам аниқланмаганини эсдан чиқарманг.
Бу нимани англатишини тушундингиз-а? Агар сиз коронавирус инфекциясини юқтирган бўлсангиз, уни ўз фарзандингизга юқтирмайсиз, сизнинг кўкрак сутингизга ҳам инфекция тушмаган бўлади, бу эса чақалоғингизни кўкрак сути билан боқиш имконини беради.
Бироқ, сиз билишингиз керак бўлган бир ёқимсиз, лекин унчалик қўрқинчли бўлмаган бир масала бор: агар коронавирус инфекциясини юқтирган бўлсангиз, фарзандингиз туғилиши билан уни дарҳол 14 кунга сиздан ажратишади, шунинг учун сутингизни соғиб олишингизга тўғри келади, бу ҳолатда кўкрак сутини тўғридан-тўғри бериш яқин мулоқот пайтида фарзандингизга инфекцияни юқтириб қўймаслигингиз учун ман этилади.
Аммо, кўкрак сутини тўғридан-тўғри бераман деб туриб олсангиз, ҳимоялаш даражаси FFP2 бўлган респиратор ва қўлқопдан фойдаланишингиз керак бўлади.
Шундай қилиб, хулоса қиламиз:
1. Қўрқманг ва ваҳима қилманг, чунки кўп ҳолларда соғлом аёлларда ҳомиладорлик давридаги коронавирус инфекцияси бошқа соғлом одамларда бўлгани каби, яъни енгил ва ўртача оғирликдаги ЎРВИ шаклида кечади.
2. Соғлом ҳомиладор аёлларда ковид инфекцияси фонидаги асоратларнинг ривожланиш хавфи катта эканлиги ҳақида ҳеч қандай тасдиқланган далиллар йўқ. Шунинг учун сизнинг барча сурункали касалликларингиз назорат остида бўлиши керак.
Касалликнинг олдини олиш:
1. Уйдан ташқарида ҳар қандай мулоқотни тақиқлаш орқали имкон қадар тўлиқ яккаланиш.
2. Агар шифокор кўригидан режа асосида ўтишингиз керак бўлса, унга қўнғироқ қилинг ва бу кўрикнинг зарурлигини аниқлаштиринг, бироқ режа асосида шифокор кўригига боришдан тўлиқ воз кечманг, чунки бў кўрик ҳомила ҳолатини кузатиб бориш учун зарур. Поликлиникага борганда шахсий ҳимоя чораларини максимал даражада кўриш.
3. Агар сизда ошқозон яраси, тромбофлебит, буйракнинг сурункали касаллиги, юрак-қон томир тизимининг жиддий касалликлари, шунингдек, жигар касалликлари каби сурункали касалликлар мавжуд бўлмаса, витамин Д3 ни суткасига 3000-4000 ХБ дозада ичиш. Давом этамиз: агар касаллик аломатлари, яъни тана ҳароратининг кўтарилиши (юқори 38 даража ва ундан юқори), йўтал, бош оғриғи, ҳолсизлик ва бошқалар юзага келса, яшаш жойингиздаги терапевтга дарҳол хабар беринг, чунки ЎРВИ нинг белгилари бўлган барча ҳомиладор аёллар ковид инфекциясини аниқлаш учун кўрикдан ўтказилиши ва ихтисослаштирилган туғруқ муассасаларига доимий тиббий назорат учунн ётқизилиши керак.
Агар касаллик белгилари кам ва касаллик енгил кечаётган бўлса, касаллик белгиларига қараб даволаниш, яъни бурун ва томоқни чайиш. Уй шароитида ҳеч қандай антибиотиклар, муколитиклар ва бошқа перпаратларни ичмаслик, зарур бўлганда фақатгина шифокор назорати остида ичиш.
КТ кўриги фақат касалхонада шифокор тарафидан белгиланади, кўриклардан мустақил тарзда ўтиш асоссиз бўлиши ва ҳомила учун зарар келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари: агар сизда туғруқхонада коронавирус аниқланса, хавотир олманг, арзандингизни дунёга хотиржам келтиринг, шифокор соғлиғингиз аҳволидан келиб чиқиб ўзингиз ёки кесар кесиши орқали туғишингиз ҳақида қарор қабул қилади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам вирус ҳомиладорлик даврида онадан болага юқмаслиги ва кўкрак сутига ҳам ўтмаслигини эсда тутинг. Шунинг учун фарзандингиз ўзи учун жуда ҳам керакли бўлган она сути билан таъминланади!
Азиз бўлажак оналар!
Яна бир бор қайтариб айтаман, хавотир олманг ва коронавирус инфекциясининг эҳтимолий юқиши ҳомиладорлигингиз кечишига кесикн таъсир қилади, деб қўрқманг.
Менга ишонинг, ҳамма нарса сиз ўйлаганчалик кўрқинчли эмас, шунинг учун тинчланинг ва ҳомиладорликни хотиржам ўтказинг. Ҳаммаси яхши бўлади, ишонинг!
Энди саволларингизни кўриб чиқамиз:
1. Вирус юққандан кейин томоқни чайиш қандай қилиб ёрдам бериши мумкин, ахир вирус қон ва лимфа орқали тарқаладику?
Ҳа, сиз ҳақсиз, вирус қон ва лимфа орқали тарқалади, лекин вирус шиллиқ қаватларда ҳужайраларга дарҳол ўрнашиб олади, аммо ўпкага ўша заҳоти етиб бормайди, бунинг учун ўртача 4-5 кун керак. Бу вақт оралиғида вирус ҳалқумнинг юза жойлашган эпителий ҳужайраларини фаол тарзда йўқ қилади ва томоқ қичиши, бўғиздаги қуруқлик ва ачиш ушбу жараён билан боғлиқдир. Томоқни чайиш ушбу белгиларнинг юзага келишини камайтириши, шунингдек вируснинг юкини бир мунча пасайтириши мумкин, бу эса бир қатор ҳолларда пневмониянинг олдини олишга ёрдам бериши мумкин.
2. Қандли диабет билан оғриётган 65 ёшдаги аёл реология, яъни қон суюлишини яхшилаш учун қандай дори воситасини ичиши керак?
Агар қандли диабетдан ташқари юрак-қон томир тизимининг титровчи аритмия ёки бошдан ўтказилган инсультнинг оқибатлари каби бошқа сурункали касалликлар бўлмаса, аспириннинг ичакда эрувчи қобиқ билан қопланганини (кардиологик шаклини) ётишдан олдин 75-100 мг дозада ичишнинг ўзи етарли бўлади
Азиз дўстлар! Барчангизга соғлиқ-саломатлик тилайман, ўзингиз ва яқинларингизни асранг!
Биз барчасини енгиб ўтамиз ва ҳаммаси яхши бўлади! "Шифокор Элизовнинг маслаҳатлари" дастурининг кейинги сонида кўришгунча хайр.
Яхши қолинг ва саломат бўлинг!