Игорь Элизов

Шифокор Элизовнинг маслаҳатлари #3

Шифокор Элизов ота-оналаримизни қандай қилиб короновирус инфекцияси юқишидан асрашимиз ҳақда "Шифокор Элизовнинг маслаҳатлари" дастурининг учинчи сонида айтиб беради. Уй шароитида ота-оналаримизни қандай қилиб даволашимиз мумкин? Қайси усулларни қўллаш қатъиян ман қилинади? Қайси ҳолларда кислород керак бўлади ва ундан фойдаланиш усуллари қандай?
Youtube даги каналимизга ёзилинг, шунингдек "Шифокор Элизовнинг маслаҳатлари" дастурининг ўтган сонларини Makarenko.uz сайтида ўқинг. Дастур ҳомийси: Витамикс Классик.
Ассалому алайкум азиз дўстлар! Менинг исмим Игорь Элизов. Мен умумий амалиёт шифокори, шифокор-терапевтман ва биз янги коронавирус инфекцияси ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз.

Бугун биз эҳтимол энг муҳим ва энг долзарб масала, яъни коронавирус инфекцияси ва кекса ҳамда нуроний ёшдаги одамлар масаласини кўриб чиқамиз.

Албатта буни ҳамма яхши билади, лекин яна бир бор эслатиб ўтмоқчиманки, аҳолининг коронавирус инфекцияси юқиши ва касалланиши мумкин бўлган энг заиф қатлами 60-65 ёшдан катта одамлардир.

Сабабини тушунтириб бераман: биринчидан, бу ёшда организмнинг ҳимоя функциялари одатда заифлашади ва иммун тизими янги, ўзи учун бегона бўлган инфекцияни бартараф эта олмайди.

Иккинчидан, бу ёшга хос сурункали касалликларнинг мавжудлиги вазиятни янада оғирлаштиради. Одатда бу гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги ва бошқа юрак-қон томир патологиялари, шунингдек, қандли диабет, нафас олиш тизимининг сурункали касалликлари (бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ва бошқалар), буйракнинг сурункали касалликлари ва турли онкологик касалликлардир.

Демак, ота-онангиз, бува ва бувиларингизга касаллик юқишининг иложи борича олдини олиш учун нима қилиш керак? Қайтариб этаман - олдини олиш! Сабаби, улар касалликни юқтириб олмаслиги учун барча чораларни кўриш сиз билан бизнинг асосий мақсадимиздир, чунки кекса ва нуроний ёшдаги беморларда COVID инфекциясини даволаш муайян қийинчиликлар билан боғлиқ ва баъзи ҳолларда керакли самарни бермайди.

1. Иложи бўлса, уларни кўчада, дўконларда ва одамлар тўпланадиган бошқа жойларда бошқалар билан мулоқот (контакт) қилишдан тўлиқ яккалаш.

Мулоқотни чегаралаш эмас, балки бутунлай яккалаш. Улар учун барча зарур нарсани уйларига олиб бориб бериш ва ўзингиз ҳам улар билан мулоқот қилмасликка ҳаракат қилишингиз керак, чунки сиз ўзингиз билмаган ҳолда инфекция ташувчиси бўлишингиз мумкин!

Бироқ, кекса ёшдаги яқинларингизга яккаланиш кун бўйи ўтириш ва ётиш дегани эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилинг. Гиподинамия, яъни камҳаракатлилик натижасида бронх ва ўпка тизимида тўхтаб қолиш жараёни, шунингдек, юрак-қон томир касалликлари зўрайишининг олдини олиш учун кундалик бадантарбия ҳамда нафас олиш машқларини бажариш керак.

Нафас олиш машқлари бир кунда 2-3 марта оддий пуфакларни пуфлаб шиширишдан иборат бўлиши мумкин. Шунинг учун қайтариб айтаман - кўпроқ ҳаракат қилиш, квартира ёки уйингиз ҳовлисида кўпроқ юриш, бадантарбия ёки жойда югуриш машқлари, энг соддаси – уйни саранжом-саришта қилиш билан машғул бўлиш керак! Фақат узоқ вақт давомида ҳаракатсиз ўтириш ва ётиш бўлмаслиги керак!

2. Кекса ёшдаги яқинларингиз учун бу қийин даврда психологик қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Уларга тез-тез қўнғироқ қилинг, улар билан одатдагидан узоқроқ шаплашинг, ишонинг, улар учун бу жуда муҳимдир.

3. Энди кейинги яна бир муҳим масала: кекса ва нуроний ёшдаги одамларда коронавирус инфекцияси кечишининг оғирлик даражаси уларда мавжуд сурункали касалликларнинг қай даражада компенсацияланиши ва назорат қилинишига тўғридан-тўғри боғлиқдир.

Агар бу гипертония касаллиги бўлса, кардиолог ёки терапевт томонидан тавсия этилган барча дори-дармонларни ҳар куни диққат билан қабул қилиш ва қон босими кўрсаткичларини тавсия этилган нормал кўрсаткичларда сақлаб туриш керак.

Агар қандли диабет касаллиги бўлса, унда қондаги глюкоза даражасини ҳар куни кузатиб бориш ва унинг 6-7 ммоль/л дан ошиб кетишига йўл қўймаслик керак. Агар глюкоза даражасини меъёрда ушлаб туришнинг имкони бўлмаса, демак таблетка кўринишидаги препаратлар ёки инсулинларнинг дозаси етарли емас.

Эндокринологингизга қўнғироқ қилинг ва даволаш тартибини ўзгартиришга ҳаракат қилиб кўринг. Бошқа барча сурункали касалликларда ҳам айнан шундай қилинг. Қайтариб айтаман: барча мавжуд сурункали касалликлар компенсацияланган бўлиши керак, шундагина COVID оғир кечишининг хавфи минималлашади.

4. Кеса ва нуроний ёшдагиларда дори-дармонлар ёрдамидаги профилактика ҳудди барча катта ёшдагилардек: Д3 витамини суткасига 5000 ХБ дозасида.

5. Энди кекса яқинларингизда қуруқ йўтал, тумов, томоқ оғриғи, танадаги зирқираш ва бош оғриғи каби касаллик белгилари пайдо бўлган бўлса, нима қилиш кераклигини кўриб чиқамиз.

Мен тана ҳароратининг кўтарилиши ҳақида тўхталмаганимнинг сабаби бор. Кекса ва нуроний ёшдаги одамларда, айниқса сурункали касалликлари борларда респиратор вирусли инфекциялар, шу жумладан коронавирус инфекцияси ҳам, тана ҳароратининг кўтарилишисиз кечиши мумкин, бу ҳолатга эътибор беринг.

Шундай қилиб, юқоридаги белгилар пайдо бўлса, алгоритм ҳудди катталарникидек: Шифокорни томоқни текшириш ва ўпкани тинглаш учун уйга чақиринг. Албатта пульсоксиметр бўлиши керак, кекса одамлар учун бу айниқса муҳимдир, чунки уларда ўпка шикастланиши кўпинча бошқа беморларга қараганда тезроқ содир бўлади.

Қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси 96 дан паст бўлмаса, хавотирга ўрин йўқ, агар 96 дан паст бўлса, нафас қисиши, нафас олаётганда нафас етишмаслиги ҳисси пайдо бўлиши ўпканинг компьютер тамографиясини ўтказиш ва пневмония аниқланса, касалхонага ётқизиш учун сабабдир. Бир ёки бир неча сурункали касалликлари ва коронавирус инфекциясининг билвосита белгилари бўлган барча кекса ва нуроний ёшдаги беморлар иложи бўлса касалхонага ётқизилиши кераклигини унутманг.

Бироқ, баъзи ҳолларда турли сабабларга кўра беморни касалхонага ётқизиш мумкин бўлмаслигини тушунаман, шунинг учун, келинг, кекса ва нуроний ёшдагиларда коронавирус инфекциясининг енгил ва ўрта оғирликдаги шаклини уй шароитида даволашни кўриб чиқамиз.

1. Ҳеч қандай "иммунитет учун" препаратларни бериш мумкин эмас, кекса ёшдаги одам ҳар куни бошқа дориларни қабул қилишини инобатга олсак, бу фақатгина жигарга тушадиган юкни ошириб юборади.

2. Азитромицин суткасига 500 мг 6 кун (III ва IV даражадаги сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган беморлар бундан мустасно)

3. Амброксол 30 мг, 1 таблеткадан 3 марта. Аскорил кекса ва нуроний ёшдаги беморлар учун тавсия этилмайди, чунки у юрак қисқариши тезлигини ошириб юбориши, бу эса ножўя оқибатларга олиб келиши мумкин.

4. Вируснинг қуйи нафас йўлларига тушиши эҳтимолини камайтириш учун томоқни фурацилин эритмаси билан ва бурунни NaCl ли изотоник эритма, яъни тузли эритма билан чайиш.

5. Келинг, дезагрегант ва антикоагулянтлар, яъни қонни суюлтирувчи препаратлар ҳақида гаплашамиз. Кўп ҳолларда кекса ва нуроний ёшдаги одамлар гипертония касаллиги, юракнинг ишемик касаллиги ва юрак-қон тизимининг бошқа патологиялари туфайли ушбу дори-дармонларни ҳар куни қабул қилади.

Шунинг учун, биринчи навбатда, яқин кишингиз ичакда эрувчи қобиқ билан қопланган аспирин ёки Клопидогрел, Апиксабан каби ва бошқа препаратларни қабул қилиши ёки қилмаслигини аниқлаб олиш керак. Агар қабул қилса, уй шароитида дозани ошириш ёки бошқа бирор нарса қўшиш керак эмас.

Агар қабул қилмаса, аспиринни қабул қилишни бошлаш лозим, лекин оддийсини эмас, ичакда эрувчи қобиқ билан қопланганини (кардиологик шаклини) ҳар куни 75-100 мг дозада кечқурун ичиш керак.

6. Кейинги масала муҳим: уй шароитида ҳеч қандай осма дориларни олиш мумкин эмас, чунки бу томирларда айланаётган қон ҳажмини оширади ва кекса ёшдагиларда ўпка шиши каби оғир асоратнинг ривожланишига олиб келиши мумкин, сиз бир ўзингиз бу асоратни енга олмайсиз ва яқин инсонингизни йўқотиб қўйишингиз мумкин. Шунингдек уй шароитида дексаметазон инъекцияларини олишни тавсия этмайман, чунки унинг самарадорлиги исботланмаган, ножўя таъсирлари эса кўплаб бўлиши мумкин.

Энди жуда қийин ва оғриқли масала ҳақида, лекин уни албатта кўриб чиқиш керак: Агар нафас қисилиши бўлган ва қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси 95% дан кам ва коронавирус инфекциясининг бошқа белгилари бўлган бемор ҳали ҳам уйда қолган ва қайсидир сабабларга кўра касалхонага ётқизилмаган бўлса, у ҳолда у кислородли қўллаб-қувватлаш, яъни узлуксиз кислородли қўллаб-қувватлашга муҳтож.

Шунинг учун сизга қоннинг кислород билан тўйиниш даражасини сақлаб турадиган ва яқин инсонингизнинг аҳволини енгиллаштирадиган кислород консентратори керак бўлади. Гипоксия, яъни кислороднинг етишмаслиги ҳолатида барча органларда қайтариб бўлмас жараёнлар бошланади ва касалликнинг кечиши кўз ўнгингизда оғирлашади.

Шунинг учун концентратор керак. Мен бу қурилмани ҳамма ҳам сотиб ололмаслигини яхши тушунаман, лекин мен ўқиб ва кўриб турганимдек, концентраторларни касаллик муддатига бериб турувчи, кейин эса бошқа муҳтож беморларга бераётган компаниялар, волонтёрлар ва бошқа ташкилотлар мавжуд. Уларга бу ишлари учун таъзим қиламан!

Концентратордан фойдаланиш анча осон, лекин бир неча муҳим қоидаларни эслаб қолиш керак:

1. Одатда ён томонда жойлашган дағал тозалаш фильтрини ҳар 3-4 кунда бир марта ювиш керак.

2. Сув учун идиш ҳар доим тўлдирилган бўлиши керак, чунки кислород доимо намланиб турилиши керак, қуруқ кислород шиллиқ қаватнинг куйишига олиб келади, бу эса беморга қўшимча азоб-уқубат беради, шунинг учун қайтариб айтаман – сув учун идиш ҳар доим тўлдирилган бўлиши керак.

3. Бошланишига кислород ҳажмини кичик кўрсаткичларга созланг, яъни 1 дақиқада 1-2 литр ва қоннинг кислород билан тўйиниш даражасини кузатиб боринг. Агар даража кўтарилиб борса, кислород ҳажмига қўшишга шошилманг, ярим соат ёки бир соат кутинг. Агар тўйинганлик даражаси кўтарилмаса ёки сезилмас даражада кўтарилса, аста-секин соатига 1 литр ҳажмни қўшинг ва тўйинганлик даражасини кузатинг.

Энг муҳими, қўрқманг ва кекса ёшдаги яқинларингизни тинчлантиришга ҳаракат қилинг. Ўлим ҳолатларининг статистикаси унчалик қўрқинчли эмас, ишонинг. Масалан, 60 ёшдан 69 ёшгача бўлган одамларда 3,6%, 70 ёшдан 79 ёшгача бўлганларда 8% ва 80 ёшдан катталарда - 14,8% ни ташкил этади. Бироқ, 70 ёшдан ошганларда ҳар қандай касаллик анча қийин кечиши ва уларда нафақат коронавирус пневмонияси, балки сурункали касалликлар фонида оғир кечувчи бошқа ҳар қандай патология ҳолатида ўлим хавфи жуда юқори бўлишини тушуниш керак.

Шундай қилиб, хулоса қиламиз.

Касалликнинг олдини олиш:
1
Ҳар қандай мулоқотларга тақиқ қўйган ҳолдаги тўлиқ яккаланиш.
2
Яккаланиш вақтида кун бўйи ётмаслик ва ўтирмаслик. Бадантарбия, уйни тозалаш, жойда югуриш, нафас олиш машқларини бажариш.
3
Психологик қўллаб-қувватлаш, яқигларингизга тез-тез қўнғироқ қилинг, узоқ гаплашинг!
4
Барча мавжуд сурункали касалликлар компенсацияланиши керак, шундагина COVID оғир кечишининг хавфи минималлашади.
5
Дори воситалри ёрдамида профилактика. Д3 витамини суткасига 5000 ХБ дозада.
Даволаш:
1
Азитромицин суткасига 500 мг 6 кун (III ва IV босқич сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган беморлар бундан мустасно).
2
Томоқни фурацилин эритмаси билан ва бурунни NaCl ли изотоник эритма, яъни тузли эритма билан чайиш.
3
Амброксол 30 мг, 1 таблеткадан 3 марта. Аскорил кекса ва нуроний ёшдаги беморлар учун тавсия этилмайди, чунки у юрак қисқариши тезлигини ошириб юбориши, бу эса ножўя оқибатларга олиб келиши мумкин.
4
Агар ҳар куни Клопидогрел, Апиксабан, Ривароксабан ва бошқа шу каби дезагрегант ва антикоагулянтлар, яъни қонни суюлтирувчи препаратлар қабул қилинмаётган бўлса, Аспирин қабул қилиш, лекин оддийсини эмас, ичакда эрувчи қобиқ билан қопланганини (кардиологик шаклини) ҳар куни 75-100 мг дозада кечқурун ичиш керак.
5
Уй шароитида ҳеч қандай осма дориларни олиш мумкин эмас, чунки бу ўпка шиши каби оғир асоратга олиб келиши мумкин, шунингдек уй шароитида дексаметазон инъекцияларини олиш мумкин эмас.
6
Якуний хулоса, агар касалхонага ётишнинг имкони бўлмаган бўлса, инсонда нафас қисилаётган ва қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси тушиб кетаётган бўлса, узлуксиз кислородли қўллаб-қувватлаш, бусиз касалликнинг кечиши, минг афсуски, ўлим билан тугаши мумкин.
Ҳозир эса, келинг, сиз берган саволларни кўриб чиқамиз:

1. Касаллик белгилари аллақачон пайдо бўлган бўлса ҳам Д3 витаминини ичишнинг фойдаси борми?

Ҳа, албатта, бор, чунки у тананинг қаршилик кўрсатиш қобилиятини оширади ва кўп ҳолларда инфекциянинг кечишини енгиллаштиради.

2. 66 ёшдан ошган одамда қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси 94% бўлиб, у чуқур нафас олишга қийиналаётган бўлса ва касалликнинг бошқа ҳеч қандай белгилари бўлмаса компьтер томографиясини қилиш керакми?

Ҳа! Албатта қилиш керак, чунки, мен аввал айтиб ўтганимдек, COVID пневмонияси кўпинча кўринмас бўлади ва ўпканинг шикастланиши белгиларсиз содир бўлиши мумкин.

3. Болаларда қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси қандай бўлади?

Ҳудди катталарникидек 96-98%

Азиз дўстлар! Барчага согғлиқ–саломатлик тилайман, яқинларингизни, айниқса кекса ёшдаги яқинларингизни асранг!

Биз барчасини енгиб ўтамиз ва ҳаммаси яхши бўлади! Кейинги дастурда кўришгунча хайр.

Кейинги учрашувимизда "Коронавирус инфекцияси ва ҳомиладорлик" мавзусида суҳбатлашамиз.

Яхши қолинг ва саломат бўлинг!
Дастур ҳомийси: Витамикс Классик. ВИТАМИКС витамин ва минераллар комплексининг таркибида цинк, селен, йод ва 12 турдаги витаминлар, шу жумладан C ва Д3 витаминлари ҳам бор.

Витамикс Классик – иммунитетингиз тетик бўлсин!

Дубляж учун Хурмо студиясига миннатдорчилик билдирамиз. Хурмо - таржимонлик ва овоз бериш студияси. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади- турли соҳаларда билимларини оширмоқчи бўлганлар учун YouTube платформасида ўзбек тилидаги сифатли контенти кўпайтиришдир.