Бу лойиҳа Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ёшлар билан ишлаш агентлиги ва Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади.
«Back To The Theater» саёҳатидан мақсад — сифатли овоз ва жонли мусиқа асосидаги ижро билан ёшларни давлат театрларига жалб қилиш.
Бундан ташқари, гуруҳ етакчилари Aшот Даниелян ва Никита Макаренколар ҳар бир шаҳарда замонавий мусиқа яратиш ва тарғиб қилиш сирлари ҳақида маърузалар ўтказади.
«Биз пандемия пайтида 'музлаб қолган' ҳудудлардаги маданий ҳаётни жонлантиришга қарор қилдик. Ёшларга янги ва ғайриоддий нарсаларни кўрсатишни, қалбларига олов ёқишни, илиқлик улашишни истаймиз. Бу жуда муҳим. Ёшлигимда мана шундай концертга борганим ҳаётимни ўзгартирган. Биз ўзимизнинг мисолимизда Ўзбекистонда ҳақиқий мусиқани яратиш мумкинлигини кўрсатмоқчимиз», — дейди гуруҳнинг продюсери ва гитаристи, таниқли журналист Никита Макаренко.
Барча спектаклларда, эпидемиологик талабларни ҳисобга олиб, томошабинлар театр залларида масофа сақлаган ҳолда жойлаштирилади. Чипталар нархи эса 5 минг сўмдан 10 минг сўмгача бўлиб, тушган маблағлар муассаса фаолиятини ривожлантиришга сарфланади.
Сафарнинг муҳим мақсадларидан бири ички туризмни ривожлантиришдир. Гуруҳ мамлакат бўйлаб брендли микроавтобусда саёҳат қилади ва кунлик саёҳат видеолавҳаларини ўзининг
YouTube каналида реалити-шоу форматида чиқаради. Бунинг учун махсус медиа гуруҳ жамоа билан биргаликда саёҳат қилади.
Бундан ташқари, гуруҳ Ўзбекистондаги унча машхур бўлмаган диққатга сазовор жойларда мусиқаларни жонли ижро этади ва саёҳат давомида янги қўшиқларига 4 та кичик ҳажмли клип олади. Бу билан ёшлар орасида туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш кўзда тутилган.
«Мамлакатимиз мусиқачилари негадир гастроль сафарларига унчалик чиқишмайди. Aвтобусда барча шаҳарлар бўйлаб айланишмайди. Aммо шундай гастроль сафарларини уюштириш менинг доимий орзум бўлган. Худди фильмларда кўрганим каби. Энди эса биз саёҳатга боришга тайёрмиз. Мен Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва Нукусда Ўзбекистоннинг гўзал гўшалари ва ажойиб инсонлари билан учрашишни орзиқиб кутяман», — дейди қўшиқ муаллифи, вокалчи ва гуруҳ гитаристи Ашот Даниелян.
«Back To The Theater» сафари Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузурида фаолият юритувчи Швейцария ҳамкорлик бюроси, шунингдек, «KNAUF», «Makro» ва «YAMAHA Tashkent» компаниялари ҳомийлигида ташкил этилади. Экскурсиядаги концертлар овози «IOSIS» томонидан таъминланади.
Гуруҳ ҳаракатини
Electrooko.com веб-сайти,
«Электрооко» YouTube канали,
Telegram,
Facebook ва
Instagram ижтимоий тармоқлари орқали кузатиш, маъруза ўтиладиган манзиллар ва бошланиш вақтларини аниқлаб олиш мумкин.
Медиа-ҳамкорлар:
Repost.uz,
Teznews.uz,
TBLD.uz ва
Troll.uz Сафар жадвали: 2 декабрь 17:00. Фарғона вилояти рус драма театри
Касса рақами: +998 90 537 82 37
5 декабрь соат 18:00. Самарқанд вилояти рус драма театри
Касса рақами: +998 90 600 17 26
8 декабрь соат 17:00. Бухоро вилояти мусиқали ва драма театри.
Касса рақами: +9998 93 689 13 13
11 декабрь соат 18:00. Қорақалпоқ давлат мусиқали театри
Касса рақами: +998 91 384 70 69
13 декабрь соат 18:00. Ўзбекистон давлат ёшлар театри
Касса рақами: +99871 2441087
Маълумот учун: «Электрооко» гуруҳи Марк Вайлнинг «Илҳом» театридаги «Завтра» спектакли қатнашчилари томoнидан 2020 йилда ташкил этилган. Гуруҳ таркибига Aшот Даниелян ва Никита Макаренкодан ташқари таниқли мусиқачилар — созанда ва бастакор Санжар Нафиков, «Илҳом» театри барабанчиси Станислав Торопчин ва Миллий симфоник оркестр мусиқачилари Лемара Aблятифова ва Валерия Капранова ҳам киради.
Гуруҳ 1 октябрда ўзининг «Тревожний Звонок» деб номланган дебют альбомини ва «1984» номли қўшиғига антиутопик клипини барча стрим сервисларда эълон қилган.
Гуруҳ февраль ойида Қорақалпоғистонда Миллий симфоник оркестр билан биргаликда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон билан биргаликда ёзиб олинган «Завтра» қўшиғи учун катта ҳажмдаги видеоклипни суратга олишга тайёрланмоқда. «Электроооко» 2021 йилнинг баҳорида МДҲ давлатлари бўйлаб катта хизмат сафарига чиқишни режалаштирмоқда.